Абдулло ибн Файруз аддайламий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Убай ибн Каъбнинг ҳузурига бордим ва унга:
«Қадар ҳақида нафсимда бир нарса воқеъ бўлди. Менга бирор нарса айтиб бер. Шояд, Аллоҳ таоло ўшани қалбимдан кетказса», дедим.
«Агар Аллоҳ таоло осмонларининг аҳлини ва ерининг аҳлини азобласа, албатта, У Зот уларга золим бўлмас эди. Агар уларга раҳм қилса, албатта, У Зотнинг раҳмати улар учун ўзларининг амалларидан яхши бўлар эди. Токи, қадарга иймон келтирмагунингча ва сенга етган мусибат сени четлаб ўтиши мумкин эмаслигини ҳамда сени четлаб ўтгани сенга етиши мумкин эмаслигини билмагунингча, агар Аллоҳ таолонинг йўлида Уҳуд мислича тиллони нафақа қилсанг ҳам, Аллоҳ уни сендан қабул қилмас. Агар бундан бошқа (эътиқод)да ўлсанг, албатта, дўзахга кирасан», деди».
Кейин Абдуллоҳ ибн Масъудга бордим. У ҳам худди шуни айтди. Кейин Ҳузайфа ибн Ямонга бордим. У ҳам худди шуни айтди. Кейин Зайд ибн Собитга бордим. У ҳам менга Набий алайҳиссаломдан худди шу ҳадисни айтди».
Абу Довуд ривоят қилган
Шарҳ: Абдуллоҳ ибн Файруз аддайламий розияллоҳу анҳунинг қалбларига қазои қадар масаласида шубҳа тушиб, уни кетказишнинг осон йўли — бу масалани биладиган олим зот билан суҳбатлашиш, деган фикр ила катта ва олим саҳобалардан бўлмиш Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳунинг ҳузурларига бориб, ўз дардларини тўкиб солибдилар. Шунда Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳу ҳаммага ҳам яхши дарс бўладиган ажойиб гапларни айтдилар:
«Агар Аллоҳ таоло осмонларининг аҳлини ва ерининг аҳлини азобласа, албатта, У Зот уларга золим бўлмас эди».
Аллоҳ таоло нафақат одамлар, балки осмонлар аҳлининг барчасини ва ер аҳлининг барчасини йўкдан бор қилган ва уларга ҳаёт ҳамда турли керакли неъматларни ато қилган Зот. Бу ишларда У Зотга бирортаси ёрдам ҳам бермаган. Бас, шундоқ экан, Аллоҳ таоло уларни нима қилса ҳам, жумладан, ҳеч қандай сабабсиз энг ашаддий азоблар ила азобласа ҳам, ҳақлидир. Чунки нима қилса, Ўз мулкида қилган бўлади. Аллоҳ таоло заррача сабабсиз барча мавжудотни барча азоблар ила азоблаган чоғида ҳам, заррача зулм қилмаган бўлади.
Бас, шундоқ экан, баъзи бир қазои қадар масаласини тўғри тушунмаган бандаларнинг нотўғри эътирози ила Аллоҳ таолога зулм нисбатини бериш мумкинми?
«Агар уларга раҳм қилса, албатта, У Зотнинг раҳмати улар учун ўзларининг амалларидан яхши бўлар эди».
Агар бандаларнинг амалларига яраша ҳисоб-китоб қилинадиган бўлса, уларнинг амаллари ҳеч нарсага арзимай қолиши турган гап. Шунинг учун Аллоҳ таоло бандаларга раҳм қилса, Ўз фазли ила раҳмат қилади. Баъзи бир қазои қадар масаласини тўғри тушунмаган бандаларнинг амаллари яхшилаб ҳисоб-китоб қилинадиган бўлса, улар оғир аҳволда қолишлари турган гап. Гап адолат ёки адолатсизлик ҳақида кетаётгани йўқ. Гап Аллоҳ таолонинг мисли йўқ камолот сифатлари ҳақида, жумладан, дунёдаги бўлажак ҳар бир нарсани азаддан ипидан-игнасигача билиб туриши ҳақида кетмоқда.
«Токи, қадарга иймон келтирмагунингча ва сенга етган мусибат сени четлаб ўтиши мумкин эмаслигини ҳамда сени четлаб ўтгани сенга етиши мумкин эмаслигини билмагунингча, агар Аллоҳ таолонинг йўлида Уҳуд мислича тиллони нафақа қилсанг ҳам Аллоҳ уни сендан қабул қилмас».
Биров Аллоҳ таолонинг йўлида Уҳуд тоғича келадиган тиллони нафақа қилди. Аммо унинг қадарга иймони йўқ. Бас, ундан мазкур нафақа қабул бўлмайди.
Биров Аллоҳ таолонинг йўлида Уҳуд тоғича келадиган тиллони нафақа қилди. Аммо у ўзига етган мусибатни «Четлаб қолишим мумкин эди. Шуни вақтида ва керагича қилмадим», дея афсус-надомат қилади. Бас, ундан мазкур нафақа қабул бўлмайди.
Биров Аллоҳ таолонинг йўлида Уҳуд тоғича келадиган тиллони нафақа қилди. Аммо у ўзига етмаган мусибатни «Усталик билан четлаб қолдим. Агар усталик қилмаганимда, чатоқ бўлар эди», дея фахрланди. Бас, ундан ҳам мазкур нафақа қабул бўлмайди.
Чунки бу нарсаларга иймони йўқ одам мўмин бўла олмайди. Аллоҳ таоло эса, мўмин бўлмаган банданинг нафақасини қабул қилмайди. Шунинг учун ҳам:
«Агар бундан бошқа (эътиқод)да ўлсанг, албатта, дўзахга кирасан», деди».
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Албатта, Аллоҳ азза ва жалла Ўз махлуқотларини зулматда халқ қилди. Бас, уларга Уз нуридан илқо қилди. Кимга ўша нурдан етса, ҳидоятга киради. Кимга етмаса, залолатга кетади. Шунинг учун «Аллоҳ таолонинг илмидаги нарсада қалам қуриган» дейман-да», дедилар».
Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда кишиларнинг ҳидояти ҳақидаги масала кўтарилмоқда. Албатта, бу масала қадимдан кўпчиликнинг бошини қотириб келган. Киши ҳидоятни ўз ихтиёри ила топадими ёки бу ишга унинг дахли йўқми? Баъзилар, инсон ҳеч қандай ихтиёрга эга эмас, у пешонасига нима ёзилса, шунга юради, дейдилар. Бошқалар эса, инсоннинг ўз ихтиёри бор, у нимани хоҳласа, шуни қила олади, дейдилар.
Исломда бу масала ҳам ўзига хос услубда муолажа қилинган. Исломий таълимотларга кўра, инсон турли қувват, малака ва истеъдодлар билан яратилади. Инсон ана шу қувват, малака ва истеъдодларни яхши томонга ҳам, ёмон томонга ҳам йўллаши мумкин. Инсон фақат яхши ёки ёмон бўлмайди, балки Аллоҳ таоло ҳар бир инсонни соф табиат ила яратади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ҳар бир туғилган бола фақат фитрат (соф табиат) ила туғилади. Бас, ота-онаси уни яҳудий ва насроний ёки мажусий қилади. Бу худди ҳайвоннинг бут-бутун ҳайвон туғишига ўхшайди. Сиз унда қулоқ-бурни кесилганини ҳис қилганмисиз ?» дедилар.
Сўнгра Абу Ҳурайра: «Агар хоҳласангиз, «Аллоҳнинг одамларни яратган фитратидир. Аллоҳнинг яратишини ўзгартириш йўқ. Ана ўша энг тўғри диндир», деган оятни ўқинг», дер эди».
Тўртовлари ривоят қилишган.
Ушбу ҳадисда Аллоҳ таоло инсонларни соф табиат билан яратса ҳам, кейинчалик инсонларнинг, хусусан, ота-онанинг тарбияси сабабли бу софликка футур етиши, унинг бузилиши ҳақида сўз кетмоқда. «Фитрат» дегани, соф табиат, динни тўғри қабул қилишга бўлган истеъдод, деганидир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам дунёда туғиладиган ҳар бир бола соф табиат билан, Аллоҳ таолонинг динини қабул қилиш истеъдоди билан туғилиши ҳақида хабар бермоқдалар.
Демак, Аллоҳ таоло ҳеч кимни аввалдан, сен яҳудий бўласан, сен насроний бўласан, сен мажусий бўласан, деб мажбур қилмайди. Одамларнинг турли динга мансуб бўлишига сабаб бор:
«Бас, ота-онаси уни яҳудий, насроний ва мажусий қилади».
Яъни, ота-оналар ўз болаларини ўз динларида тарбиялашлари оқибатида болаларнинг соф табиати бузилиб, яҳудий, насроний ва мажусий бўлиб қоладилар.
Шу жойда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу маънони тўлиқроқ тушунтириш мақсадида саҳобаи киромларга ҳиссий бир мисол келтирмоқдалар.
«Бу худди ҳайвоннинг бут-бутун ҳайвон туғишига ўхшайди. Сиз унда қулоқ-бурни кесилганини ҳис қилганмисиз?» дедилар.
Яъни, ҳар бир ҳайвон боласи онасидан бут-бутун туғилади. Бирортасининг қулоғи ёки бурни кесилмаган бўлади. Аммо эгалари белги қўйиш мақсадида ва яна бошқа ниятда қулоқларини, бурунларини кесадилар ва ҳоказо. Шунга ўхшаб, инсон ҳам онадан соф табиат билан туғилади, у яҳудий, насроний ёки мажусий бўлиб туғилмайди. Ота-онасининг тарбияси туфайли яҳудий, насроний ёки мажусий бўлади. Ҳазрати Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг ушбу ҳадисни ривоят қилгандан сўнг:
«Агар хоҳласангиз, «Аллоҳнинг одамларни яратган фитратидир. Аллоҳнинг яратишини ўзгартириш йўқ. Ана ўша энг тўғри диндир» деган оятни ўқинг», деб қўядиган одатлари бор эди. Яъни, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида келган маънони Қуръони Карим ҳам тасдиқлашини билдириб қўймоқчи бўлар эдилар.
Аллоҳ таоло инсонга ҳақни ботилдан, яхшини ёмондан ва ростни ёлғондан ажратиш учун ақл берди. Шунингдек, Аллоҳ таоло инсонга ҳақни ўрнатиш ва ботилни йўқ қилиш, яхшиликни қилиш ва ёмонликни тарк қилиш ҳамда ростни гапириб, ёлғондан четланиш қобилиятини ҳам берган.
Аллоҳ таоло инсонга дин, пайғамбар ва китоб юбориб, бу дунёда тўғри яшаш йўлларини кўрсатиб берди.
Аллоҳ таоло инсонга тўғри йўлда юриш, ҳақни тутиш, рост гапириш, ҳалол-пок бўлишни амр қилди.
Аллоҳ таоло инсонни залолатдан, ёмонликдан, зулмдан, ёлғондан ва бошқа зарарли нарсалардан қайтарди.
Бинобарин, инсоннинг яхши йўлни танлаши ва ёмон йўддан четлаши матлубдир. Агар баъзи кишилар ўйлаганидек, ҳидоят йўлини танлашда ва унга ҳаракат қилишда инсоннинг ҳеч қандай ўрни бўлмаганида, яхши билан ёмон одамнинг орасида фарқ бўлмасди. Динлар, пайғамбарлар ва илоҳий китобларнинг мутлақо аҳамияти қолмас эди.
Мушриклар ўзларининг ширки Аллоҳ таолонинг хоҳиши билан бўлганлигини ва уларнинг айблари йўқлигини даъво қилишганда, Аллоҳ таоло Анъом сурасида уларга кучли раддия қилган:
«Ҳали ширк келтирганлар: «Агар Аллоҳ хоҳлаганда, биз ҳам, ота-боболаримиз ҳам ширк келтирмас эдик ва бирор нарсани ҳаром қилмас эдик», дерлар. Улардан олдингилари ҳам азобимизни татигунларига қадар шунга ўхшаш ёлғонга чиқариб турганлар. «Сизнинг ҳузурингизда бизга чиқариб кўрсатадиган бирон илм-ҳужжат борми? Сизлар фақат гумонга эргашмоқдасиз ва сизлар фақат ёлғон гапирмоқдасизлар», деб айт» (148-оят).
Бу ояти каримада Аллоҳ таоло ҳақиқий илмий тортишув, баҳс давомида енгилиб қолган мушрик ва кофирлар энг сўнггида айтадиган гапларни келтирмоқда:
«Ҳали ширк келтирганлар: «Агар Аллоҳ хоҳлаганда, биз ҳам, ота-боболаримиз ҳам ширк келтирмас эдик ва бирор нарсани ҳаром қилмас эдик», дерлар.
Хўш, уларнинг бу гаплари янги гапми? Йўқ, эски, сийқаси чиққан гап. Мантиқсиз гап.
«Улардан олдингилари ҳам азобимизни татигунларига қадар шунга ўхшаш ёлғонга чиқариб турганлар».
Шунингдек, улардан кейингилар ҳам шундай қиладилар. Улар ҳеч бир ишни Аллоҳнинг хоҳишидан ташқарида қилмаган эмишлар. Яъни, агар Аллоҳ хоҳлаганида, ширк келтирмас, кофир бўлмас, гуноҳ қилмас эканлар. Шу билан ўзларини оқламоқчи бўладилар.
Хўш, уларнинг бу гапига нима дейиш керак? Уларга ушбу гапларига яраша қуйидаги, Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ўргатган саволни бериш керак:
«Сизнинг ҳузурингизда бизга чиқариб кўрсатадиган бирон илм-ҳужжат борми?»
Яъни, Аллоҳ сизларнинг ширк келтиришингизни, баъзи нарсаларни ҳаром, деб эълон қилишингизни хоҳлаганини исбот қиладиган ҳужжатингиз борми? Аллоҳ Ўз бандаларидан нимани хоҳласа, очиқ-ойдин айтиб қўйган. Бандаларнинг иймон келтиришларини хоҳлагани учун «Иймон келтиринглар», деган. Кофир-мушрик бўлишларини хоҳламагани учун, куфр келтирманглар, мушрик бўлманглар, деб қатъий ҳукм этган. Шунингдек, бандалари нимани қилишини хоҳласа, амр, нималарни қилмаслигини хоҳласа, наҳйи қилиб, қайтариб қўйган. Аллоҳнинг барча хоҳиш-истаги очиқ-ойдин, илмий собит нарсалардир. Аллоҳнинг хоҳиш-истаги ичида «Ширк келтиринг, баъзи нарсаларни ҳаром қилинг», деган буйруқ йўқ. Ёки, менинг ғойиб, ҳеч ким билмайдиган хоҳишларимни излаб топиб, ўшанга амал қилинг, дегани ҳам йўқ. Аммо:
«Сизлар фақат гумонга эргашмоқдасиз ва сизлар фақат ёлғон гапирмоқдасизлар», деб айт».
«Сен: «Етук ҳужжат Аллоҳнинг Узидадир. Агар хоҳласа, ҳаммангизни ҳидоятга солар эди», деб айт».
Мушрикларнинг «Агар Аллоҳ хоҳласа, ширк келтирмас эдик» деган гапларини тасдиқловчи ҳеч қандай далил-ҳужжатлари йўқ эканлиги аён бўлди. Аммо уларга қарши ва Аллоҳ таолонинг ҳақ эканлиги ҳақидаги
«Етук ҳужжат Аллоҳнинг Ўзидадир».
Бу очиқ-ойдин ҳужжат ва далиллардир.
«Агар хоҳласа, ҳаммангизни ҳидоятга солар эди».
Аллоҳ, шубҳасиз, бунга қодир. Мисол учун, фаришталарни шундай қилиб яратди. Улар доимо итоаткор, исёнсиз табиат соҳиблари қилиб яратилдилар. Лекин одамларни хоҳласа ҳам, хоҳламаса ҳам, ҳидоятга юрадиган қилиб яратишдан нима фойда бор? Аллоҳ таоло одамларга ҳидоят ва залолат йўлини кўрсатиб қўйди, ақл-идрок ато этди ва хоҳлаган йўлини танлаш ихтиёрини берди. Ана шу ихтиёрга қараб, жазо ёки мукофот олади. Мушрик ва кофирлар ана шу ёмон — залолат йўлини танлаганлардир. Улар ўша ихтиёрлари учун жазоларини оладилар.
Ҳидоят ёки залолат баъзи сабабларнинг натижасидир. Худди таом еса тўйганидек, сув ичса қонганидек, пичоқ кесиб, олов куйдирганидек, ҳидоят ёки залолатга ҳам сабаб бўладиган нарсалар бор.
Ҳидоят яхши ният ва солиҳ амал самарасидир.
Залолат ёмон ният ва ёмон амал самарасидир.
Ҳидоят ёки залолатни Аллоҳ таолога нисбат бериш эса, У Зотнинг сабабларни ва уларнинг таъсир қилиш низомини яратганидандир. Баъзилар ўйлаганидек, бандаларни ҳидоят ва залолатга мажбур қилганидан эмас. Бу маъно Қуръони Карим оятларида яққол намоён бўлган. Аллоҳ таоло Раъд сурасида:
«Албатта Аллоҳ кимни хоҳласа, залолатга кетказур ва Ўзига йўналганларни ҳидоят қилур», деган (27-оят).
Ушбу жумладаги «йўналган» деган сўз Қуръони Каримдаги «аноба» деган сўзнинг таржимасидир. Бу сўз аслида «яхшилик навбатига кириш», яъни, Аллоҳга таслим бўлиш, унинг оятларини кўриб, унга қайтиш ва тавба қилиш маъноларини англатади. Демак, бирор кишининг ҳидоятга муяссар бўлиши шарти, аввало унинг ўзида истақ Аллоҳга томон йўналиш бўлиши кераклиги экан. Ана шунда Аллоҳ уни ҳидоятга солар экан.
Аллоҳ таоло Иброҳим сурасида:
«Аллоҳ иймон келтирганларни бу дунё ҳаётида ҳам, охиратда ҳам собит сўз ила собитқадам қилур. Аллоҳ золимларни залолатга кетказур. Аллоҳ хоҳлаганини қилур», деган.
Аллоҳ таоло мўмин бандаларни иймонли бўлганлари, собит сўзни — иймон сўзини айтиб, унга амал қилганлари туфайли бу дунёю охиратда собитқадам қилади. Ҳа, «Аллоҳ иймон келтирганларни бу дунё ҳаётида ҳам, охиратда ҳам собит сўз ила собитқадам қилур».
Мўмин банда бу дунёда иймон соясида яшагани учун собитқадам бўлади. Ҳар бир қиладиган иши, айтадиган сўзи аниқ: Аллоҳ томонидан олдиндан кўрсатиб қўйилган, олдиндан нима қилиши ва оқибати нима бўлишини яхши билган, билганда ҳам, асосий масдар, яъни, Аллоҳ таоло томонидан билинган одам собитқадам бўлмай, ким бўлсин?! Шунингдек, Аллоҳ таоло мўмин бандаларни собит сўз, иймон ила охиратда ҳам собитқадам қилади. Охиратда мўмин собитқадам бўлмаса, ким собитқадам бўлади?!
«Аллоҳ золимларни залолатга кетказур».
Улар золим бўлганлари учун залолатга кетадилар. Шунинг учун улар икки дунёда ҳам собитқадам бўла олмайдилар.
«Аллоҳ хоҳлаганини қилур».
Унинг истаги, хоҳиши ва иродасининг чеки йўқ.
Аллоҳ таоло Бақара сурасида бундай деган:
«У ўша билан кўпчиликни залолатга кетказар ва кўпчиликни ҳидоятга солар» (26-оят).
Демак, синов ҳар кимга ҳар хил таъсир қилади. Эси бор одам ундан фойда олиб, иймони мустаҳкамланади. Ақли шайтоннинг қўлида бўлганлар эса, уни масхара қилиб, куфрда янаям чуқур кетади. Куфрда чуқур кетадиганлар фосиқлардир. Одатда, гуноҳ ишларни қилган мусулмонлар фосиқ деб аталади. Фисқ сўзи уламолар истилоҳида, гуноҳи кабира қилиш ёки кичик гуноҳларда бардавом бўлиш, Аллоҳнинг амридан чиқиш маъноларини англатади. Қуръони Каримда эса, мавзуга қараб, кофир ва мунофиқлар ҳам баъзан фосиқ дейилади.
Келгуси оятда ўша залолатга кетадиган фосиқ, кофир мунофиқларнинг сифатлари зикр қилинади:
«Улар Аллоҳнинг аҳдини боғлангандан сўнг бузадиган, Аллоҳ боғланишига буюрган нарсаларни кесадиган, ер юзида фасод қиладиган зотлардир. Ана ўшалар ютқазувчилардир» (Бақара, 27).
Ушбу оятда Аллоҳ залолатга кетадиган кофир ва мунофиқларнинг учта катта сифатини келтирган.
Биринчи сифат:
«Аллоҳнинг аҳдини боғлаганидан сўнг бузадиган...»
Яъни, ҳар бир банданинг Яратган билан боғлаган аҳди бор. Кофир ва мунофиқлар ўша аҳдни бузиш билан бошқалардан ажралиб турадилар. Бу аҳд кўп нарсаларда боғланган, жумладан:
а) Аллоҳ таоло ҳар бир бандани яратиш чоғида унинг табиатига диндорликни солган. Кофир ва мунофиқлар ана шу табиатга хилоф чиқадилар;
б) Аллоҳ таоло одам боласини Ўзининг ердаги халифаси қилган, улар бу аҳдни бузиб, халифаликка хиёнат қиладилар;
в) Ҳар бир шариат келганда, Аллоҳ Ўзидан бошқага сиғинмаслик аҳдини олган бўлса ҳам, кофир ва мунофиқлар хиёнат қиладилар. Шунингдек, фосиқлар, яъни, кофир ва мунофиқлар ҳаётларида Аллоҳнинг шариатига амал қилиш, унинг кўрсатган йўлидан юриш каби нарсаларга боғлаган аҳдларини бузадилар.
Иккинчи сифат:
«Аллоҳ боғланишига буюрган нарсаларни кесадиган...» Аллоҳ кўп нарсаларни, жумладан, қариндошлик алоқаларини боғлашга, инсоний алоқаларни боғлашга, иймон ва диндошлик алоқаларини боғлашга ва ҳоказо ишларга буюрган. Фосиқ — кофир ва мунофиқлар ушбу алоқаларни ҳам кесадилар.
Учинчи сифат:
«Ер юзида фасод қиладиган...»
Фасоднинг тури ниҳоятда кўп. Жумладан, юқоридаги икки сифат ҳам ер юзини фасодга тўлдирадиган сифатлардан ҳисобланади. Аммо энг катта фасод борлиқни яратувчи Зот бўлмиш Аллоҳ таоло кўрсатган йўлни тарк этиб, бошқача яшашга ҳаракат қилишдир. Ҳамма фасод шундан келиб чиқади.
Мазкур сифатлар қандай натижага элтади? Албатта, бундай сифатли кишилар ютқазадилар. Бу дунёларини ҳам, у дунёларини ҳам ютқазадилар!
«Ана ўшалар ютқазувчилардир».
Шу билан бирга, инсоннинг ҳар бир хоҳиши Аллоҳ таолонинг катта хоҳиши доирасида бўлишини унутмаслик лозим.
Аллоҳ таоло Таквир сурасида:
«Оламларнинг Роббиси Аллоҳ хоҳламаса, сизлар хоҳлай олмассизлар», деган.
Ҳа, ҳар бир нарса Аллоҳ таолонинг хоҳиши ила бўлади. Жумладан, ҳидоят ва залолат ҳам Аллоҳнинг хоҳишига боғлиқ. Аллоҳ эса ҳидоят ва залолат уларни хоҳлаган кимсаларга бўлишини хоҳлашини Ўзи айтиб турибди. Агар, инсон хоҳлагани Аллоҳ таолонинг хоҳишисиз ҳам бўлаверади, дейилса, Аллоҳ таолога нуқсон нисбати берилган бўлади ва бу мутлақо мумкин эмасдир.
ҚАДАР ҲАҚИДА НИЗО ҚИЛИШ КЕРАК ЭМАС
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизнинг тепамизга келдилар. Биз қадар ҳақида низо қилмоқда эдик. Бас, у зот ғазабландилар. Ҳатто, юзлари қизариб кетди. Икки ёноқларида анор ўйилгандек бўлди. Сўнг у зот:
«Сизлар шунга амр қилинганмисизлар?! Ёки мен сизларга шу билан юборилганманми?! Сизлардан олдин ўтганлар ҳам мана шу ишда низо қилганларида ҳалок бўлганлар, холос! Сизларга қасам ичаманки, сизларга қасам ичаманки, бу нарсада низо қилманглар!» дедилар».
Шарҳ: Қазои қадар масаласи ўта нозик ва англаш осон бўлмаган масала бўлганлиги учун ҳатто саҳобаи киромлар ҳам у ҳакда низо қилган эканлар. Бу эса, ўз навбатида Пайғамбар алайҳиссаломнинг қаттиқ ғазабланишларига сабаб бўлди. Ғазабнинг шиддатидан у зотнинг юзлари қизариб, ёноқлари ловиллаб кетди ва саҳобаларга қарата қуйидаги гапларни айтдилар:
«Сизлар шунга амр қилинганмисизлар?!»
Сизлар қазои қадар масаласида бир-бирингиз ила низо қилиб, талашиб-тортишишга амр қилинганмисизлар ?! Нима учун бу ишни қилмоқдасизлар?! Ахир сизларга қазои қадар масаласида бир-бирингиз билан низо қилиб, талашиб-тортишишга амр қилинмаган-ку! Сизларга қазои қадар масаласига иймон келтириш амр қилинган. Сиз ўзингизга амр қилинган ишни қилинг! Қазои қадар масаласига иймон келтиринг! Бу борада бошқа нарса ила ишингиз бўлмасин!
«Ёки мен сизларга шу билан юборилганманми?!
Аллоҳ таоло мени сизларга қазои қадар масаласида низо қилишни ўргатишим учун юборганми?! Мен сизларга ўша нарсани таълим бермоқдаманми?! Билиб қўйинглар!
«Сизлардан олдин ўтганлар ҳам мана шу ишда низо қилганларида ҳалок бўлганлар, холос!»
Сиздан олдин ўтган умматларнинг ҳалок бўлишининг бош сабабларидан бири уларнинг қазои қадар масаласида низо қилишлари бўлган. Улар айнан шу масалада низо қилганлари учун ҳалок бўлганлар.
Сизларга қасам ичаманки, сизларга қасам ичаманки, бу нарсада низо қилманглар!»
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Токи қадарнинг яхшисию ёмонига иймон келтирмагунча ва ўзига етган мусибат уни четлаб ўтиши мумкин эмаслигини ҳамда ўзини четлаб ўтгани унга етиши мумкин эмаслигини билмагунича банда мўмин бўлмайди», дедилар».
Иккисини Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Ушбу ва шу маънодаги бошқа далиллар асосида қазои қадарга иймон келтириш иймоннинг рукнларидан бири эканлиги қаттиқ таъкидланган.
Оиша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Олти тоифани мен ҳам лаънатладим, Аллоҳ ҳам ва ўтган ҳар бир набий ҳам лаънатлади: ААллоҳнинг Китобига зиёда қилганни, Аллоҳнинг қадарини ёлғонга чиқарганни, Аллоҳ хор қилганни азиз қилиш учун ва Аллоҳ азиз қилганни хор қилиш учун жабарут ила султонга эга бўлганни, Аллоҳнинг ҳарамини ҳалол санаганни, аҳли байтимдан Аллоҳ ҳаром қилган нарсани ҳалол санаганни ва суннатимни тарк қилганни», дедилар».
Термизий ва ал-Ҳоким ривоят қилишган.
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда дунёдаги энг ёмон олти тоифа одам ҳақида сўз кетмоқда. Уларни Аллоҳ таоло, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва барча набийлар лаънатлаган.
Аллоҳнинг Китобига зиёда қилган.
Бу жиноят дунёдаги энг катта ва даҳшатли жиноятлардан биридир. Аллоҳ таоло томонидан бандаларга икки дунё саодатини кўрсатиш учун нозил қилинган китобга ўзи томонидан зиёда қўшган одамни Аллоҳ таоло, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва барча набийлар лаънатлагандир.
Аллоҳнинг қадарини ёлғонга чиқарган.
Аллоҳ таоло томонидан, иймоннинг рукнларидан бири, деб қайд этилган қазои қадар масаласини ёлғонга чиқарган нобакорни Аллоҳ таоло, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва барча набийлар лаънатлагандир.
Аллоҳ хор қилганни азиз қилиш учун ва Аллоҳ азиз қилганни хор қилиш учун жабарут ила султонга эга бўлган.
Султонга эга бўлганда Аллоҳ хор қилганни азиз қилган ва Аллоҳ азиз қилганни хор қилганни Аллоҳ таоло, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва барча набийлар лаънатлагандир. Чунки аслида Аллоҳ таоло азиз қилганни азиз қилмоқ ва Аллоҳ таоло хор қилганни хор қилмоқ керак эди.
Аллоҳнинг ҳарамини ҳалол санаган.
Аллоҳнинг ҳарами Маккаи Мукаррамадир. Аллоҳ таолонинг Ўзи бу муқаддас шаҳар ва унинг атрофидаги маълум ҳудудни ҳарам — баъзи нолойиқ ишларни қилиш ҳаром бўлган жой қилиб қўйган. У ернинг ов ҳайвонлари овланмайди, ўт-ўланлари юлинмайди, дарахтлари синдирилмайди, у ерда уруш қилинмайди ва ҳаказо. Ўша ҳарамни ҳалол санаганни Аллоҳ таоло, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва барча набийлар лаънатлагандир.
Пайғамбар алайҳиссаломнинг аҳли байтларидан Аллоҳ ҳаром қилган нарсани ҳалол санаган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз аҳли байтларига эҳтиром билан қарашни ўз умматларига қаттиқ тайинлаганлар. Уларни беҳурмат қилганни Аллоҳ таоло, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва барча набийлар лаънатлаган.
Пайғамбар алайҳиссаломнинг суннатларини тарк қилган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари Ислом шариатининг иккинчи масдари ҳисобланади. Суннат Қуръони Каримдан кейинги ўринда турадиган нарсадир. Ким суннатни тарк қилса, уни Аллоҳ таоло, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва барча набийлар лаънатлагандир.
ХОТИМА
Қазои қадарга бағишланган мазкур бобда бир неча ояти карима ва ҳадиси шарифларни ўргандик. Албатта, қазои қадарга тегишли ҳамма оят ва ҳадислар шулардан иборат эмас. Бошқа кўпгина оят ва ҳадислар бор бўлиб, улардан баъзилари ушбу китобнинг бошқа жойларида ҳам келган. Лекин масаланинг моҳияти, асосий йўналишлари атрофлича кўриб чиқилди. Шундан келиб чиқиб, баъзи бир хулосаларни чиқарсак ҳам бўлади.
Аввало, бир масала бўйича бир ёки бир неча оят ёки ҳадисга суяниб ҳукм чиқариш мумкин эмас экан. Иложи борича, атрофлича ўргангандан сўнггина бир нарса дейиш керак.
Ушбу бобдаги баъзи ҳадисларда банданинг ҳеч қандай ихтиёри йўққа ўхшаб кўринса, айримларида аксинчага ўхшаб кўринади. Баъзиларида иш бўлишидан олдин қазои қадарга қандай муносабатда бўлиш баён қилинган. Бошқаларида эса, иш бўлиб ўтгандан кейин қазои қадарга қандоқ муомалада бўлиш баён қилинган ва ҳоказо.
Қазои қадар масаласини баён қилувчи оят ва ҳадисларда зоҳиран бандани мажбурлаш ва ихтиёрига қўйиб бериш маънолари борлиги баъзи кишиларнинг йўлдан озишига сабаб бўлган. Улардан бир қисми «Банда бу дунёда ҳамма ишни ўз ихтиёри билан эмас, мажбур бўлиб қилади», деганлар.
Ана шундай фикр ва эътиқоддаги кишилар «Жабрия» мазҳабидагилардир. Бу мазҳабнинг кўзга кўринган тоифаларидан бири Жаҳм ибн Савфон Самарқандийга мансуб «Жаҳмийя» тоифасидир.
Жабрия мазҳабига қарши ўлароқ, баъзилар «Инсон ўзининг ҳамма ишларида ҳурдир, у ўз ихтиёри билангина иш қилади, ўз амалини ўзи халқ қилади», деганлар. Булар «Қадария» (қадарни инкор этувчи) деб аталган бўлиб, уларнинг асосчилари «Мўътазилийлар»дир. Ушбу икки тоифа ҳам адашган ҳисобланади.
Исломнинг соф ақийдасини тутиб қолган Аҳли сунна ва жамоа мазҳаби эса, ўртача йўл тутган. «Инсоннинг дунёдаги ўзига ориз бўладиган ишларда ихтиёри борлари ҳам бор, ихтиёри йўқлари ҳам бор», деганлар. Уларнинг таъкидлашларича, инсон ўз ихтиёри йўқ ишларда жавобгар эмас, аксинча, ихтиёри бор ишларда жавобгардир. Ҳақиқат ҳам шунинг рост эканлигини кўрсатади. Саҳобалар, тобеъинлар ва ўтган салафи солиҳинларнинг барчалари шу эътиқодда бўлганлар.
Ривоят қилинишича, Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи Имом Жаъфар ибн Муҳаммад Содиқ розияллоҳу анҳудан сўраган эканлар:
«Эй Расулуллоҳнинг ўғиллари, Аллоҳ ишни бандаларга тавфиз қилиб, яъни, топшириб қўйганми?
— Аллоҳ таоло Роббликни бандаларга топшириб қўйишдан юқоридир!
— Бўлмаса уларни мажбур қилурми?
— Аллоҳ таоло аввал уларни бир ишга мажбур қилиб туриб, сўнгра азоблашдан кўра одилрокдир!
— Бу нима дегани?
— Бу ўртача, дегани. Мажбур қилиш ҳам йўқ, бутунлай қўйиб бериш ҳам йўқ. Зўрлаш ҳам йўқ, эга қилиб қўйиш ҳам йўқ».
Биз бу жавобларнинг нақадар тўғри эканлигини юқоридаги баҳсларимизда англаб етдик.
Гоҳида қадар истилоҳи ва унинг муродифлари дунёни ва ундаги нарсаларни тартибга солиб турувчи қонун-қоидалар, тузумлар ва сабабларга ҳам ишлатилади.
Мисол учун, «Албатта, Биз ҳар бир нарсани қадар билан яратдик» деган ояти карима «ўлчов билан яратдик» маъносини англатади. Яъни, «дунёдаги ҳар бир нарсанинг ўзига яраша ўлчови, миқдори бор». Бу маънодаги оятлар анчагина бор.
Қазои қадар иймоннинг рукнларидан бўлиб, унга ҳеч қачон эътиборсизлик билан қараб бўлмайди. Бу соҳада доимо ҳушёр бўлиш керак. Ана шу ҳушёрлиқ эҳтиёткорлик йўқолса, инсоннинг залолат йўлига кириб кетиши ҳеч гап эмас. Қадимда бундай ишлар кўп бўлган. Кўпчилик айнан қадар масаласида ё у тарафга, ё бу тарафга оғиб, залолатга кетган. Қадар ва унга тегишли масалалар катта фитналарнинг келиб чиқишига сабаб бўлган, мусулмонларга улкан зарарлар етказган. Шунинг учун ҳам Аҳли сунна ва жамоа уламолари бу масалада қаттиқ турганлар, ҳар бир мусулмон бу масалада ўзини қандоқ тутиши лозимлигини аниқ иборалар билан ифода этиб, ақийда китобларига битиб қўйганлар.
Бу ҳақда Аҳли сунна ва жамоа мазҳабининг, яъни, мусулмонлар оммаси эътиқод қиладиган ақийдавий мазҳабнинг энг мўътабар китобларидан бири бўлган «Ақийдаи Таҳовийя»нинг матнида жумладан қуйидагилар айтилади:
«Аслида қадар Аллоҳ таолонинг махлуқотлардаги сирридир. У нарсадан муқарраб фаришта ҳам, юборилган набий ҳам хабардор эмас. У нарсада чуқур кетиш, назар солиш хорлик сабабчиси, маҳрумлик нарвони ва туғён даражасидир. У нарсага назар солишдан, фикр қилишдан ва васвасадан эҳтиёт бўлинг ва яна эҳтиёт бўлинг. Чунки Аллоҳ таоло қадар илмини ўз бандаларидан ўраб қўйгандир ва уларни уни қасд қилишдан қайтаргандир.
Аллоҳ таоло Ўз Китобида: «У Зот қилганидан сўралмас, улар сўралурлар» дегандир. Бас, кимда-ким «Нима учун бундоқ қилди?» деб сўраса, Қуръоний ҳукмни рад қилган бўлур. Ким Қуръоннинг ҳукмини рад қилса, кофирлардан бўлур».
Ушбу сўзлар кўплаб аччиқ тажрибалар бўлиб ўтгандан кейин, қадар тўғрисидаги ояту ҳадислар, саҳобаларнинг айтган гаплари атрофлича ўрганиб чиқилгандан сўнг битилган сўзлардир. Бу натижага эришгунча Аҳли сунна ва жамоа уламолари кўп тортишувларни, мунозараларни, ҳужжат солиштиришларни ва тажрибаларни бошларидан ўтказганлар. Охир-оқибат мусулмонлар оммаси бу масалада мазкур қоидаларга амал қилсалар фойдали бўлади, деган қарорга келганлар.
«Аслида қадар Аллоҳ таолонинг махлуқотлардаги сирридир».
Яъни, қадарни фақат Аллоҳ таолонинг Ўзи билади. Бу дунёда махлуқотларга нима қадар қилинганини билиш Аллоҳ таолонинг Ўзигагина хосдир.
«У нарсадан муқарраб фаришта ҳам, юборилган набий ҳам хабардор эмас».
Аслида муқарраб фаришта ва юборилган Пайғамбарлар кўп сир-асрорлардан хабардор бўладилар. Аммо Аллоҳ таоло қадар илмини улардан ҳам сир тутган. Улар ҳам махлуқотларга нима қадар қилингани ҳақида ҳеч нарса билмайдилар. Чунки қадар масаласи Аллоҳнинг илми чексиз эканлигини баён қилувчи масаладир.
«У нарсада чуқур кетиш, назар солиш хорлик сабабчиси, маҳрумлик нарвони ва туғён даражасидир».
Яъни, қадар масаласида чуқур кетиб, уни текширишга ўтиш охири хорликка сабаб бўлади, инсонни кўп нарсадан маҳрум қилади. Бу нарса охири келиб банданинг туғёнга кетишига сабаб бўлади. Дарҳақиқат, Қадария ва Жабрия мазҳаблари ва уларга эргашганлар шу ҳолга тушганлар.
«У нарсага назар солишдан, фикр қилишдан ва васвасадан эҳтиёт бўлинг ва яна эҳтиёт бўлинг».
Яъни, қадар илмини биламан, деб уринишдан, у тўғрида: «Нимага ундоқ бўлди, нимага бундоқ бўлди, ундоқ қилса, нима бўлар эди», каби фикр қилишдан эҳтиёт бўлинг.
Шунингдек, «Ҳамма нарса маълум бўлса, амалнинг нима кераги бор, унинг ўрнига бундоқ деса бўлмасмиди?» каби васвасалардан ҳам эҳтиёт бўлинг. Чунки ҳамма нарса маълум бўлса, сизга эмас, Аллоҳга маълум. Аллоҳ сизни қадарга иймон келтиришга, амрига, шариатига амал қилишга буюрган, шуни қилинг!
«Чунки Аллоҳ таоло қадар илмини бандаларидан ўраб қўйгандир».
Бандаларнинг ҳаммаси бир бўлиб кичик бир зарранинг қадарини билишга уринсалар ҳам, била олмайдилар.
«Ва уларни уни қасд қилишдан қайтаргандир».
Яъни, Аллоҳ таоло бандаларни қадар илмини билишни қасд қилишдан қайтаргандир.
Аллоҳ таоло Ўз Китобида: «У Зот қилганидан сўралмас, улар сўралурлар», дегандир.
Яъни, Аллоҳ таоло нима қилса, Ўзи билади. Ундан биров «Бу ишни нима учун қилдинг»? деб сўрай олмайди. Аммо Аллоҳ таоло бандаларнинг ҳаммасидан ҳар бир ишни «Нима учун қилдинг?» деб сўрайди.
«Бас, ким «Нима учун бундоқ қилди?» деб сўраса, Қуръоннинг ҳукмини рад қилган бўлур».
Яъни, кимки бўлган нарса Аллоҳнинг қазои қадари экан, деб таслим бўлмай, «Аллоҳ нима учун бундоқ қилди?» деб сўраса, Қуръоннинг «У Зот қилганидан сўралмас» деган ҳукмини рад қилган бўлади.
«Ким Қуръоннинг ҳукмини рад қилса, кофирлардан бўлур».
Шунинг учун ҳам бу масалада ўта эҳтиёткор бўлмоқ керак. Эҳтиёткорлик шу даражада бўлиши керакки, ҳатто қадар масаласида чуқур кетадиганларга яқинлашмаслик керак.
Аслида қазои қадар масаласи иймон китобида келади. Биз ҳам бу масалани «Ҳадис ва ҳаёт»нинг «Иймон ва Ислом» китобида ўрганиб чиққан эдик. Аммо бу масала зоҳидликнинг кўзга кўринган аломатларидан бири бўлгани учун бу ерда ҳам ўзига хос услубда ўрганиб чикдик. Бу ерда яна ҳам нозикроқ равишда ўргандиқ десак ҳам муболаға қилмаган бўламиз.